Ижтимоий захиралар маркази “Қозоғистон ёшлари учун демократик таълимни такомиллаштириш” Лойиҳаси иштирокчиларига Ёшлар фестивалини ўтказди

Главная » O'zbek Yangiliklar » Ижтимоий захиралар маркази “Қозоғистон ёшлари учун демократик таълимни такомиллаштириш” Лойиҳаси иштирокчиларига Ёшлар фестивалини ўтказди
14 Желтоқсан 2016

2016 йил 13 декабрь куни RIXOS меҳмонхонасида  Ижтимоий захиралар маркази Астанадаги Германия Федератив Республикаси Элчихонасининг  қўллаб қувватлаши ҳамда ЖҚВ таълим бошқармасининг ёрдами билан  “Қозоғистон ёшлари учун демократик таълимни такомиллаштириш” Лойиҳаси иштирокчиларига Ёшлар фестивалини ўтказди.

Фестивалда 200дан ортиқ одам қатнашди. Фестивалнинг эъзозли меҳмонлари сифатида Қозоғистонда Германия доимий элчиси ўринбосари Жонни Крамер, Жанубий Қозоғистон вилоят таълим бошқармаси бош мутахассиси Г. Ж. Жусипова, Шимкент шаҳар таълим бўлими раҳбарининг ўринбосари Н. М. Дўсибаев, Кўкшетов шаҳар таълим бўлими услубиятчиси А. Т. Калиулина, вилоят ижодий  қобилиятли болалар билан ишлаш бўйича ўқув услубий маркази директорининг ўринбосари Ж.Е. Нурахметова, Шимкент, Туркистон шаҳарлари, Арис, Сайрам, Сариоғоч ва Тулкибош каби синов туманларидаги синов мактабларининг директор ва ўқитувчилари қатнашишди. Тадбирнинг асосий меҳмонлари эса ўқувчилар, “Қозоғистон ёшлари учун демократик таълимни такомиллаштириш” Лойиҳаси иштирокчилари бўлишди.

Фестивалда вилоят опера ва балет театрининг опера қўшиқчиси Маргарита Кин “Сильви”, “Джудитты”  ва қозоқ қўшиқларидан попурри ижро этди. Шимкент шаҳридаги Санъат мактабининг раққосалар гуруҳи, М. Х. Дулатий номидаги 8- сонли мактаб- гимназиянинг“Еркеназ” рақс ансамбли ўз санъатларини кўрсатса, Туркистон шаҳридаги Отатурк номидаги 17- сонли мактаб- гимназия ўқувчиси Ақниет Серик қизи Абай қўшиқларидан   попуррини қўбизда ижро этди.

Куй қўшиқ ва рақслардан ташқари “Савол ва жавоблар”, “Қувноқлар ва зукколар” каби танловлар уюштирилди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, фестиваль доирасида “Қозоғистон ўрта таълим муассасаларида фуқаролик таълим масалалари” мавзуида давра суҳбати ўтди. Унда таълим бошқармаси вакиллари мактаб директорлари ва ўқитувчилар билан биргаликда ўрта таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс бериш масалаларини муҳокама қилишди.

Фестиваль дискотека билан хотима топди.